ТОШКЕНТ, 30 ноя — Sputnik. Бугун Тошкентда Ўзбекистон халқ артисти, миллий телевидение диктори Галина Мельниковага Россия президенти Владимир Путин томонидан берилган мукофот топширилди, деб хабар берди Sputnik мухбири.
Эслатиб ўтамиз, 27 ноябрь куни Путин Галина Мельниковани Россия ва Ўзбекистон халқлари ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлаш борасидаги самарали фаолияти учун "Дўстлик" ордени билан мукофотлаганди.
Таниқли ўзбек диктори, "Меҳржон" хайрия фонди Васийлик кенгашининг аъзоси Галина Мельниковага мукофотни Россия президентининг хорижий мамлакатлар билан минтақалараро ва маданий алоқалар бўйича бошқармаси бошлиғи Владимир Чернов топширди.
"Ўзбекистонимизда 140га яқин миллат ва элатлар тинч-тотув яшаб келишмоқда. Мен Ўзбекистонла туғилган рус аёлиман. Менинг отам ҳам 1908 йилда шу ерда туғилган. Мен ўзимни туб ўзбекистонлик деб ҳис қиламан. Менда русийлик кўпми, ўзбеклик, буни билмайман. Юртимизда барча дўстлик ва аҳилликда яшайди. Халқимиз бирдам, меҳнатсевар, меҳмондўст, бағрикенг ва ижодкор. Мен бу мукофотни бутун халқимизга тегишли мукофот деб биламан", — деди Галина Витальевна тантанали топшириш маросимида.
У сўзи охирида берилган юксак мукофот учун Россия раҳбарига миннатдорлик билдирди.
Галина Мельникова — Ўзбекистон халқ артисти, олий тоифали диктор. Шунингдек, Пушкин медали, "Буюк хизматлари учун" ордени, "Дўстлик" ордени билан мукофотланган, "Олтин қалам" миллий мукофоти соҳибаси