ТОШКЕНТ, 30 ноя — Sputnik. Ўзбекистонлик спортчилар йил якунлари бўйича Осиё бокс конфедерацияси сўровномасида бир нечта номинацияларда жой олишган.
Сўровномада жами 13 номинация кўрсатилган бўлиб, нафақат боксчилар, балки мураббийлар, ҳакамлар ва миллий бокс федерацияларига ҳам овоз бериш мумкин.
Шаҳрам Ғиёсов, Ҳасанбой Дўсматов ва Жасурбек Латиповлар "2017 йилнинг энг яхши боксчиси" номинациясида рўйхатга киритилган.
Ёш боксчилар орасида Ражаббой Отаназаров, ўсмирлар ўртасида Жавлонбек Йўлдошевлар ғолибликка даъвогар.
The World Series Boxing (WSB) таснифида Исроил Мадримов ёки Абдулҳай Шораҳматовга овоз бериш мумкин. Иқболжон Холдоров ва Санжар Турсуновлар "Йил кашфиёти" номинациясида кураш олиб боришади.
Халқаро техник вакиллар орасида Дилшод Казаков, мураббийлар орасида Ҳамид Тангриберганов номи кўрсатилган. Александр Ҳамидов йилнинг энг яхши ҳаками бўлишга номзод.
Миллий ассоциациялар ичида Ўзбекистон Бокс федерацияси ҳам энг яхши бўлишга номзодлар қаторида қайд этилган.