ТОШКЕНТ, 30 ноя – Sputnik. 30 ноябрь куни Ўзбекистонга Россия президентининг хорижий мамлакатлар билан минтақалараро ва маданий алоқалар бўйича бошқармаси бошлиғи Владимир Чернов бошчилигидаги делегация ташриф буюради. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Хабарда айтилишича, делегация Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган “Ўзбекистон ва Россия: 25 йиллик стратегик шериклик” номли тарихий-ҳужжатли кўргазманинг очилиш маросимида ва “Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги 25 йиллик ҳамкорликнинг асосий босқичлари” мавзусидаги “давра суҳбати”да иштирок этади.
Шунингдек, Россия президенти идораси ходимлари, Россия Фанлар академияси, Федерал архив агентлиги, Савдо-саноат палатаси ва қатор олий ўқув юртлари вакилларидан иборат делегация Самарқандга ҳам ташриф буюради.