ТОШКЕНТ, 28 ноя — Sputnik. Қирғизистоннинг собиқ президенти Қурмонбек Боқиев мамлакатга қайтиш ниятида эканлигини маълум қилди, деб хабар қилган Спутник Қирғизистон.
Маълум бўлишича, Боқиев бу ҳақда "Хабар" телеканали томонидан тайёрланган Қирғизистондаги 7 апрел воқеаларга бағишланган ҳужжатли фильмда айтиб ўтган.
"Эгнимда нима бўлса, ўшанда чиқиб кетганман. Билмадим, эҳтимол, тарихий ёдгорлик сифатида бўлса керак, ички кийимларим, пайпоқ ва ҳатто шортикларимгача олиб чиқиб кетишган. Коса-товоқлар ҳақида-ку гапирмасам ҳам бўлади. Ишончим комил, вақти келиб ватанимга қайтаман", — деган қочқин президент фильмда.
Қурмонбек Боқиев ҳукумат тепасига 2005 йилдаги "лола" инқилобидан кейин келган. 2010 йил у "тахтдан ағдарилгач", Беларуссия давлати Боқиевга сиёсий бошпана беради.
2010 йил 7 апрел куни Боқиев бошқарувига қарши митингга чиққан одамлар отиб ташланган. Қирғизистон Олий суди Боқиевни сиртдан умрбод қамоқ жазосига маҳкум қилган, аммо унинг ёшини инобатга олиб, жазо муддати 30 йиллик қамоққа алмаштирилган.