ТОШКЕНТ, 27 ноя — Sputnik. Жиззах шаҳрида тўрт юлдузли "Grand hotel Uzbekistan" меҳмонхона мукаммал таъмирланиб, фойдаланишга топширилди, деб хабар қилди Жиззах ҳокимлиги матбуот-хизмати.
"180 ўринли меҳмонхонадаги шинам, бири-бирини такрорламайдиган дизайнга эга, замонавий мебеллар билан жиҳозланган 4 апартамент, 108 люкс ва 24 оддий хонада меҳмонлар яшаши ва дам олиши учун барча қулайлик яратилган. Ресторан, кафе, бар, интернет клуб, кутубхона, 80 ўринли конференс-зал халқаро андозаларга мувофиқ жиҳозланган",- дейилади хабарда.
Меҳмонхона бутунлай бўшаб қолган иншоот ўрнида барпо этилган.
Хабарда таъкидланишича, замонавий меҳмонхона барпо этишда "GRAND TOVER" масъулияти чекланган жамияти ўз маблағи ва "Асакабанк"нинг вилоят филиалидан олинган 33 миллиард сўмлик имтиёзли кредитдан фойдаланган, "Agrostandartplyus" масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан 40 миллиард сўмлик таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари бажарилган.