ТОШКЕНТ, 26 ноя — Sputnik. Сиёсий арбоб Феликс Кулов Facebook ижтимоий тармоғида Россиянинг биринчи президенти Борис Ельцин қирғизистонлик ҳамкасби Аскар Акаевнинг бошини қошиқлар ёрдамида "барабан" қилгани ҳақидаги миш-мишларни инкор этди.
Ельцин Акаевнинг бошига қошиқлар билан туширгани ҳақидаги миш-мишлар 20 йилдан буён тилга олиниб келади. Яқинда бу ҳақда Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаев ҳам эсга олди, деб ёзади Спутник Қирғизистон нашри.
Унинг сўзларига кўра, Ельциннинг чап томонидан ўтирган Акаев ва ўнг томонидан жой олган яна бир бошқа киши, сезгирлик қилиб, ўзларини ёнга олишган, шу боис, гарчи қошиқлар "хавфли даражада яқин масофадан ўтиб кетган" бўлсада, Россия президентининг қўли ҳеч кимга тегмаган.
"Шуни таъкидлаш лозимки, Ельцин ўзи йўл қўйган хатоликни дарҳол илғади ва бошқа одамни қўрқитадиган ҳаракатларга йўл қўйгани йўқ. Мен диагонал бўйлаб ўтирганим учун, Ельцин қошиқлар билан Акаевнинг бошига урмаганини аниқ кўрганман", — деб ёзади Кулов.
"Ельциннинг қошиқлар ёрдамида "дирижерлик" қилиш одати ҳақида бутун дунё билар эди, аммо у ҳеч қачон тасодифан кимгадир тегиб кетмаган ёки кимнидир кулгига қўймаган. Биз энди шу даражада мустақилмизки, бошимизга қошиқ билан урдириб қўймаймиз, деган маънони кўрсатиб бериш учун бу мисолни келтиришни ўзимга эп кўрмайман, аммо буни айтишим лозим", — дея хотима қилган сиёсатчи.
Феликс Кулов Спутник Қирғизистон мухбирига жуда кўпчилик бу ҳақда хотираларни чоп этишни илтимос қилиб келишганини айтиб ўтган.