ТОШКЕНТ, 25 ноя — Sputnik, Антон Курилкин. Ўзбекистон президенти Жанубий Кореяга илк ташрифини амалга оширди.
Бизнес шартномалар ва инвестициявий лойиҳалар
Шавкат Мирзиёев биринчи навбатда бизнесменлар билан учрашди – икки давлат тадбиркорлари Жанубий Корея-Ўзбекистон бизнес форумида жам бўлишди. Ўзбекистонда иш юритиш имкониятлари ҳақида сўзлар экан, президент икки мамлакат ҳамкорлигининг ҳажми улкан эканлигини қайд этди – 2017 йил ҳолатига кореяликлар 7 миллиард доллар сармоя киритишган ва 461та корхона очишган.
Ташриф давомида бир нечта йирик инвестициявий шартномалар имзоланди – Кореянинг бир нечта гигант компаниялари (Hyundai, Evergreen Holdings, Youngone Corporation, Hwachon Plant-Gemco) Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга қарор қилди.
Булар орасида энг кўзга ташланадигани Hyundai компанияси шартномаси бўлди – автоконцерн Ўзбекистонда автомобиллар ишлаб чиқаришни бошлайди. Янги корхонанинг қаерда жойлашиши ва ишлаб чиқариш ҳажми ҳақида ҳозирча ошкор қилинмади, фақат ишлаб чиқарадиган маҳсулотлари тури маълум: автобуслар, юк машиналари ва айрили юклагичлар.
Мирзиёевнинг Сеулга ташрифи давомида имзоланган барча шартномаларнинг умумий қиймати 8,94 миллиард долларни ташкил этади. Энг кўп инвестиция энергетика ва нефт-кимёга йўналтирилади— 2,95 миллиард доллар. Сал камроқ — 2,7 миллиард доллар банк-молия соҳасига, 1,7 миллиард доллар эса инфратузилмага ажратилади.
Ташрифнинг сиёсий қисми ва идоралар ҳамкорлиги
Сўнгра президент кореялик ҳамкасби Мун Чжэ Ин билан музокаралар ўтказди. Тор доирада ўтказилган музокараларда президентлар ҳамкорликнинг келгусидаги истиқболлар ҳақида суҳбатлашишди ҳамда минтақавий ва халқаро сиёсат бўйича фикр алмашишди.
Музокаралар якунларига кўра томонлан ҳамкорлик бўйича бир қатор муҳим меморандумларни имзолади: эндиликда Адлия, Ташқи ишлар ва Иқтисодиёт вазирликлари ўзаро ҳамкорлик қилишади. Ўзбекистон Ташқи савдо вазирлиги ва Корея Савдо, саноат ва энергетика вазирлиги ҳамкорликда электрон савдо платформасини жорий этишади.
Жанубий Корея шунингдек, Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишига ёрдам берадиган бўлди. Жанубий кореялик мутахассислар ўзбекистонлик ҳамкасбларига техник, консультатив ва эксперт кўмагини кўрсатади.
Томонлар Кореяга ўзбек уранини етказиб беришга ҳам келишиб олишди.
Ўзбекистон президенти Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси спикери ва мамлакат бош вазири билан ҳам учрашди.
Шартномалар имзоланганидан сўнг Шавкат Мирзиёев БМТнинг собиқ бош котиби Пан Ги Мунни қабул қилди – улар икки мамлакатнинг келгусидаги ҳамкорлиги борасидаги масалаларни муҳокама қилишди.
Сеулнинг фахрий фуқароси ва президент ҳақидаги китоб
Ташриф давомида маданий қисмга ҳам ўрин ажратилди – Ўзбекистон президенти Корея Миллий музейи ва Сеул музейига ташриф буюрди.
Сеул мэриясида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга шаҳарнинг фахрий фуқаролигини бериш маросими бўлиб ўтди.
Бундан ташқари, корейс тилида чоп этилган "Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев" номли китобнинг тақдимоти ўтказилди.
Китоб 50 минг нусхада нашр этилган бўлиб, 350 саҳифадан иборат ҳамда мавзулар бўйича саккизта бобга бўлинган. Китобда Шавкат Мирзиёевнинг фаолияти ҳақида батафсил ҳикоя қилинади.
Ўз навбатида Ўзбекистон раҳбари икки халқ ўртасидаги дўстлик белгиси сифатида Тошкентдаги кўчалардан бирини Корея пойтахти Сеул номи билан аташни таклиф қилди.