ТОШКЕНТ, 25 ноя — Sputnik. Корея персонални ривожлантириш институти президенти Ким Ён Сега Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг фахрий маслаҳатчиси мақоми берилди. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигининг Facebookдаги саҳифасида хабар қилинди.
Агентлик матбуот хизматининг билдиришича, меҳнат миграциясини ташкил этишда мавжуд тажриба ва амалий кўникмаларни ҳисобга олган ҳолда, шунингдек, кореялик иш берувчилар билан Ўзбекистондан ишчи кучини жалб қилишда ҳамкорликда иш олиб бориш мақсадида мазкур тайинлов амалга оширилди.
Корея персонални ривожлантириш институти президенти Ким Ён Се Кванжу университетининг бухгалтерия факультети ва олий тижорат мактабини, Кёнгсанг электрон ҳисобга олиш факультети, Кванжу университети магистратураси, Чоннам университетининг маъмурий назорат ва бошқарув бўйича олий сиёсий курсини тамомлаган.
22 ноябрь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Кореяга расмий ташрифи доирасида Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ва Корея персонални ривожлантириш институти ўртасида меморандум имзоланганди.