ТОШКЕНТ, 23 ноя — Sputnik. Жанубий Корея Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) қабул қилинишида кўмаклашади, деб хабар берди Sputnik мухбири.
Икки мамлакат ҳукуматлари ўртасида Ўзбекистоннинг ЖСТга қабул қилинишида, хусусан, ушбу ташкилотга аъзо бўлишнинг натижасини баҳолаш, миллий қонунчиликнинг ЖСТ келишувлари талабларига мослиги экспертизаси ҳамда техник, консультатив ва манфаатдор вазирлик ва ташкилотларга мутахассислар кўмагини бериш йўллари орқали Корея томонининг қўллаб-қувватлаши бўйича меморандум ва Йўл харитаси имзоланди.
Илгарироқ ЕИ делегацияси ҳам Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига киришига кўмак беришга тайёрлигини маълум қилганди.
Жаҳон савдо ташкилоти халқаро савдони либераллаштириш ва аъзо мамлакатларнинг савдо-сиёсий муносабатларини меъёрга солиш мақсадида ташкил этилган халқаро ташкилот бўлиб, унга 164 мамлакат аъзо. Ўзбекистон ташкилотда кузатувчи давлат мақомига эга.