ТОШКЕНТ, 23 ноя — Sputnik. Шавкат Мирзиёев ва Мун Чжэ Иннинг тор доирадаги музокарасида ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг узоқ истиқболга мўлжалланган устувор йўналишлари юзасидан атрофлича фикр алмашилди, деб хабар берди Ўзбекистон президенти матбуот хизмати.
Президентлар шунингдек, долзарб минтақавий ва халқаро масалаларни ҳам муҳокама қилишди.
Аввалроқ Корея президентининг "Чонг Ва Дэ" ("Мовий сарой") қароргоҳида Шавкат Мирзиёевни расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.
Олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди. Икки мамлакат давлат мадҳиялари янгради. Президентлар фахрий қоровул сафи олдидан ўтдилар.