ТОШКЕНТ, 22 ноя – Sputnik. Sal Sal ресторани бош ошпази Баҳриддин Чустий "Ўзбекистон ҳаво йўллари" Миллий авиакомпанияси бортида бериладиган таомлар учун ўз менюсини тайёрлади. Бу ҳақда авикомпания матбуот хизмати хабар берди.
Таклиф этилаётган меню Ўзбекистоннинг турли вилоятлари пазандалик санъати намуналари: сурхондарё салати, қўқон шашлиги ва ҳолваси, қашқадарёча кўзада пиширилган гўшт, бухоро ширинликлари, самарқандча мевали булочкалар, бухороча лўла кабоб ва бошқа таомларни ўз ичига олади.
Чустий бизнес-класс, эконом-класс, болалар таоми ва қисқа муддатли икки соатгача бўлган рейслар учун менюларини таклиф этган.
Эслатиб ўтамиз, яқинда Туту.ру саёҳатлар сервиси йўловчиларнинг самолётдаги таомлар ҳақидаги фикрлари бўйича МДҲдаги 10 етакчи авиакомпанияни аниқлаган, унда биринчи ўринни "Ўзбекистон ҳаво йўллари" қўлга киритганди.