ТОШКЕНТ, 21 ноя — Sputnik. Айланишдаги ўзгаришлар сезиларсиз бўлиб, сутка давомийлигини атиги миллисекундга ўзгартирса-да, бу ўзгаришлар ер остида улкан қувват ҳосил бўлишига сабаб бўлади.
Ҳар 5 йилда юз берадиган ер айланишининг секинлашиши ва сейсмик фаоллик ўртасидаги боғлиқликни илгарироқ Колорадо ва Монтана университетлари геофизиклари аниқлаган бўлиб, улар Observer журналига амалий хулосалари ҳақида айтиб ўтишди.
"Ер айланиши ва сейсмик фаоллик ўртасидаги мутаносиблик сезиларли бўлиб, келгуси йилда кучли зилзилалар сони кўпайишидан дарак беради", — деб таъкидлайди Колорадо университети тадқиқотчиси Рожер Билэм. Агар олимларнинг ҳисоб-китоблари тўғри чиқса, 2018 йилда 15-20та ўрнига 25-30та йирик зилзила юз беради.
Зилзилалар айнан қаерда юз беришини Билэм аниқ айтмади, лекин маълумотларга кўра, ер силкинишлари экватор яқинида кўпроқ кузатилади.
Аксарият йирик зилзилалар одатда одамлар яшамайдиган ҳудудларда содир бўлади, бироқ 7 балли биргина зилзила ҳам улкан вайронагарчиликларга олиб келиши мумкин.
Масалан, 2010 йилда Гаитида 7 балли зилзила оқибатида 100 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлган, 2011 йили Японияда юз берган 9 балли зилзила 18 минг кишининг ҳаётдан кўз юмишига олиб келган.
Айланиш тезлигидаги ўзгаришлар Ер фаоллигига қандай тарзда боғлиқ эканлигини олимлар ҳозирча аниқлашгани йўқ. Лекин Билэм ва унинг ҳамкасби Ребекка Бендикнинг назарияси тасдиқланса, йирик зилзилаларни башорат қилиш воситасига эга бўламиз, деб хабар беради Quartz.