ТОШКЕНТ, 20 ноя — Sputnik. Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев президент сифатида сўнгги бор матбуот-анжумани ўтказди.
Оммавий ахборот воситалари вакиллар билан учрашувда президент Атамбаев Қирғизистон ва Қозоғистон ўртасидаги чегара можаросига тўхталиб, қўшни мамлакат раҳбариятини яна бир бор танқид остига олди, деб хабар қилмоқда Sputnik Қозоғистон.
Президентлик постини тарк этаётган Атамбаев Қозоғистон билан муносабатлар яхшиланишига ишонч билдирган ҳолда қўшни давлат раҳбари номига танқидий фикрлар билдиришда давом этди.
"Мен "ишимизга аралашма" маъносида дарс бериб қўйганимдан афсусланмайман. Вазият албата изига тушади, бу ўзини маданиятли давлат қилиб кўрсатаётган Қозоғистон учун ҳам фойдали эмас", — деди у.
Қозоғистонлик депутат ва вазирлар томонидан бўлаётган танқидлар борасидаги саволга жавоб берар экан, Атамбаев ёшлар жаргонидан фойдаланди:
"Мен уларнинг изоҳига матбуот-анжумани бошланишида жавоб берган эдим, лекин яна бир бор қайтаришим мумкин, бу менга кайф беради", — деди Атамбаев.
Қирғизистон президенти мамлакатда ўтказилган президентлик сайловларида иштирок этган Омурбек Бабановни ҳам ёдга олишни унутмади.
Қирғизистонда президентлик сайловлари 15 октябр куни бўлиб ўтди. Мамлакат раҳбарлигига 11 номзод давогарлик қилди. Қирғизистоннинг собиқ Бош вазири Жээнбеков 54,7 % овоз билан ғолиб чиқди.
Янги президент инаугурацияси 24 ноябр санасига белгиланган.
Қирғиз-қозоқ чегарасида муаммолар 10 октябрда бошланди. Қозоғистон ҳукумати илгарироқ бу "қора" импортга қарши кураш оқибатида юзага келди, дея баёнот берган эди.