ТОШКЕНТ, 20 ноя — Sputnik. Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони эълон қилинди, деб хабар қилди Sputnik Ўзбекистон мухбири.
2017 йилнинг 1 декабридан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида энг кам:
иш ҳақи — ойига 172 240 сўм;
ёшга доир пенсиялар — ойига 336 880 сўм;
болаликдан ногиронларга бериладиган нафақа — ойига 336 880 сўм;
зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа ойига 206 720 сўм миқдорида белгиланган.
Хўжалик ҳисобидаги корхона ва ташкилотлар 2017 йилнинг 1 декабридан бошлаб мазкур Фармонда белгиланган энг кам иш ҳақига мувофиқ, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва меҳнат сарфини камайтириш ҳисобига иш ҳақи миқдорини оширилиши кўзда тутилган.
Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси молия вазири Б.А.Ходжаев зиммасига юклатилган.