ТОШКЕНТ, 20 ноя — Sputnik. Республика руҳий хасталикларни интенсив кузатиш шифохонасидан уч нафар бемор қочиб кетди, деб хабар қилди Sputnik Ўзбекистон мухбири ички ишлар тизимидаги манбадан олинган хабар асосида.
Манбанинг сўзларига кўра, руҳий хаста беморлар турли жиноятларда айбланган бўлган.
Улардан бири ўғирлик, иккинчиси оғир тан жароҳатини етказиш, учинчиси эса гиёҳванд воситалани ўтказиш, баданга қасддан оғир тан жароҳатини етказиш ва озодликдан маҳрум қилиш жойларидан қочиш моддалари бўйича айбланган.
Беморлар касалхонадан қай тарзда қочиб кетишгани номаълум.
Спутник мухбири Республика руҳий хасталикларни интенсив кузатиш шифохонасига қўнғироқ қилганида, телефон гўшагини кўтарган ходим ҳозирча бу борада изоҳ бера олмаслигини маълум қилди.
Тошкент шаҳри бўйича барча постлар кучайтирилган, жиннихонадан қочган беморлар ИИБ ходимлари томонидан қидирилмоқда.