ТОШКЕНТ, 17 ноя — Sputnik. Озарбайжон президенти Илҳом Алиев бугун Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Алишер Султоновни қабул қилди. Бу ҳақда Sputnik Озарбайжон сайтида хабар қилинмоқда.
Учрашув давомида Султонов Озарбайжон раҳбарига Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг саломи ва эзгу тилакларини етказди.
Султоновнинг айтишича, Ўзбекистон президенти ўзининг Озарбайжонга ташрифини сабрсизлик билан кутмоқда ва мазкур ташрифнинг самарали ўтиши учун фаол тайёргарлик кўрилмоқда. Шунингдек, Султонов яқинда ишга туширилган Боку-Тбилиси-Карс темир йўли ҳақида гапирар экан, мазкур лойиҳа минтақа учун муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Ўз навбатида Озарбайжон президенти илиқ сўзлар учун миннатдорлик билдирди ва Ўзбекистон президенти билан ўтказилган учрашувларидан қониқиш ҳосил қилганини маълум қилди. У икки мамлакат ва уларнинг халқлари ўртасидаги биродарлик муносабатлари умумий тарих, маданий ва диний омилларга асосланганлигини таъкидлади.
Илҳом Алиев савдо, энергетика, транспорт ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш борасидаги саъй-ҳаракатларни кучайтириш муҳимлигини таъкидлади.