ТОШКЕНТ, 17 ноя — Sputnik. Абитуриентдан алоҳида иқтидор талаб этиладиган маданият, санъат, дизайн, тасвирий ва амалий санъат, санъатшунослик, мусиқий таълим, спорт ва жисмоний тарбия соҳасидаги таълим йўналишларига қабул қилиш тест синовларисиз, ижодий имтиҳонлар орқали амалга оширилади, деб хабар қилди Sputnik Ўзбекистон мухбири.
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Республика олий таълим муассасалари бакалавриатига кириш тест синовларини ўтказиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида"ги қарори эълон қилинди.
Жумладан, аудитория назоратчиларининг тест синовларини ўтказиш бўйича етарли амалий кўникмаларга эга эмаслиги ҳамда уларнинг жавобгарлик даражалари аниқ белгиланмагани, тест синовлари учун танланган бино ва аудиторияларнинг жиҳозланиши мавжуд талабларга жавоб бермаслиги, биноларнинг олий таълим муассасалари бош штабидан узоқ масофада ва тарқоқ жойлашгани, биноларнинг шахсни аниқловчи фото ва видео қурилмалари, тест синовларида фойдаланиши ман этилган воситаларни аниқловчи замонавий техник жиҳозлар билан таъминланмаганлиги, аудиторияларда видеокузатув камераларининг мавжуд эмаслиги тест синовларини ўтказиш жараёнининг шаффофлигини таъминлаш ва уни назорат қилиш сифатининг тушиб кетишига олиб келган.
Бундан ташқари, тест синовларини ўтказишнинг амалда бўлган тартиби тест натижаларини қисқа муддатда ҳисоблаб чиқариш имконини бермаган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг янги қарори қабул қилиниши юқорида қайд этиб ўтилган муаммоларнинг ўз ечимини топиши учун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.
Ушбу қарорга кўра, 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасалари бакалавриатига қабул қилиш бўйича тест синовлари 1 августдан 15 августгача бўлган даврда ўтказилиши ва тест синовлари натижалари тест ўтказилган куннинг эртасига Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида эълон қилиниши белгиланди.