ТОШКЕНТ, 16 ноя – Sputnik. Андижон туманидаги Бўтақора қишлоғи Бешбўйноқ маҳалласида яшовчи 93 ёшли Исоқжон Ибрагимов Иккинчи Жаҳон уруши қатнашчиси эканлигини кўпчилик билмасди. Аниқроғи, ўтган асрнинг 60-йилида у уруш қатнашчиси эканлигини тасдиқловчи ҳужжатларини йўқотиб қўйганди.
Отахоннинг тумандаги "Халқ қабулхонаси"га қилган мурожаати асосида туман мудофаа ишлари томонидан Россия Федерациясининг марказий архивига сўров хати жўнатилди.
Тез орада унинг Иккинчи жаҳон урушида 339-ўқчи дивизиясининг 1135- ўқчи полкида ҳаракатдаги армия сафида бўлганлигини тасдиқловчи маълумотлар келди.
Уруш фахрийсининг айтишича, у 1943 йилда армия сафига чақирилган. Қримнинг Керч шаҳрини озод қилишда яраланган. Госпиталда даволаниб, қисқа муддатли командирлар тайёрлаш курсларида ўқиган ва 1948 йилга қадар хизматни ўтаган.
Анваржон ҲАЛИМОВ.