ТОШКЕНТ, 15 ноя — Sputnik. Ўзбекистон Халқаро электралоқа иттифоқи томонидан АКТ соҳаси жадал ривожланаётган мамлакат деб эътироф этилди, деб хабар берди Sputnik мухбири.
Халқаро электралоқа иттифоқи шу кунларда ўзининг "Ахборотлашган жамият кўрсаткичлари" ҳисоботини эълон қилди. Унда АКТни ривожлантириш бўйича 190дан зиёд давлатларда ўтказилган ўрганишларнинг сўнгги натижалари акс этган.
"Халқаро Электралоқа иттифоқининг 2017 йилдаги ҳисоботларига кўра Ўзбекистон АКТни ривожлантириш индексида 15 ўрин юқорига кўтарилиб, 192 мамлакат орасида 95-ўринни эгаллади", деб маълум қилди Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги.
2016 йилда Ўзбекистон мазкур рейтингда 110-ўринни эгаллаганди.
Кейинги бир йил давомида мамлакатда ўнлаб инновацион лойиҳаларни амалга ошириш бошланди. Мисол учун, Ўзбек Силикон водийси деб номланувчи Ахборот технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий қилишни қўллаб-қувватлаш бўйича Mirzo Ulugbek Innovation Center Инновация маркази фаолият юритмоқда.
Бундан ташқари, "Электрон ҳукумат" тизими яратилди, иқтисодиётнинг турли соҳаларига ахборот технологиялари жорий этилди.