ТОШКЕНТ, 15 ноя — Sputnik. Марказий банк тижорат банкларига хорижий валютада операцияларни амалга ошириш бўйича лицензия бериш амалиёти бекор қилди. Бу ҳақда Марказий банк матбуот-хизмати хабар қилди.
Бундан олдин Марказий банк томонидан тижорат банкларига "Тижорат банкларига чет эл валютасида операцияларни амалга ошириш учун лицензиялар бериш қоидалари"га мувофиқ Бош лицензия, "Банкларни рўйхатга олиш ва улар фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисида"ги Низомга асосан миллий валютада операцияларни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензиялар берилар эди.
"Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармон талабларига мувофиқ тижорат банкларига хорижий валютада операцияларни амалга ошириш бўйича лицензия бериш амалиёти бекор қилинди.
Тижорат банкларининг хорижий валюта билан операциялари банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия асосида амалга оширилиши белгиланди.