ТОШКЕНТ, 14 ноя — Sputnik. Махсус ташкил қилинган авиақатнов ёрдамида Суриядан Грозный шаҳрига 41 нафар МДҲ фуқаролари олиб келинди. Улар орасида 12 нафар аёллар ва 29 нафар болалар бор, деб хабар қилмоқда РИА Новости.
Олиб келинганларнинг беш нафари Қозоғистон фуқароси, икки нафари – Ўзбекистон, қолганлари Россиянинг Чеченистон, Доғистон ва Бошқирдистон ўлкаларидан.
Тиббиёт ходимлари талабига кўра, олиб келинган фуқаролар дастлаб жиддий тиббий кўрикдан ўтказилди ва шундан сўнг қариндошлари билан учрашишга рухсат берилди. Бундай қилишга сабаб олдинги гуруҳда олиб келинганлар орасида бир неча киши сил касалига чалинганлиги аниқланган.
Бу Суриядан Чеченистонга олиб келинган иккинчи гуруҳ бўлди. 21 октябрь куни Суриянинг Хмеймим аэродромдан Грозный шаҳрига 22 киши: 7 нафар аёл ва 14 бола олиб келинган эди.
Чеченистон ҳукумати порталида хабар берилишига кўра, ушбу йилнинг август ойидан бошлаб Суриядан ва Яқин Шарқнинг бошқа қайноқ нуқталаридан 90 нафар аёллар ва болалар олиб келинган.
Эслатиб ўтамиз, Россия Ҳаво-космик кучлари ёрдамида олиб борилган ҳарбий операция натижасида Суриянинг барча ҳудудларида тинчлик ўрнатилди. Исломий давлатнинг энг сўнгги ҳимоя пункти бўлган Абу-Кемал шаҳри ҳам 8 ноябрь куни террорчилардан озод қилинди. Озод қилинган шаҳарларда минглаб аҳоли тинч ҳаётга қайтмоқда. Ундан ташқари юзлаб Европа, МДҲ ва бошқа давлатдан келган аёллар ва болалар топилмоқда ва улар имкон қадар ўз ватанларига қайтарилмоқда.