ТОШКЕНТ, 12 ноя — Sputnik. Номаълум шахслар тунги вақтда россиялик тадбиркор Тельман Исмаилов қурган 7 юлдузли Maran Palace меҳмонхонасининг қимматбаҳо безакларини ўғирлаб кетмоқда, деб хабар қилди туркиянинг Milliyet газетаси.
Москванинг энг катта кийим-бош бозори директори Тельман Исмаилов томонидан қурилган Mardan Palace меҳмонхонаси ўта ҳашаматли эди. Уни қуриш учун тадбиркор 1,4 млрд доллар сарфлаган.
Анталияда 2009 йилнинг бошида бўлиб ўтган меҳмонхона очилиш маросимида Қозоғистон президенти Нурсултан Назарбаев, Актерлар Ричард Гир, Шэрон Стоун, Моника Белуччи ва бошқа машҳур кишилар иштирок этган эди.
Меҳмонхона қуриб битказилганидан сўнг бизнесмен молиявий қийинчиликларга дуч келади ва меҳмонхонани 130 млн долларга Туркиянинг Halkbankига сотишга мажбур бўлади.
Бир неча кун олдин Maran Palace қарзлари учун электр таъминотидан узилган ва сигнализация ўчирилган, ишчилар уни тарк этган. Бундан фойдаланган ўғрилар тунги вақтда у ерга кириб меҳмонхонанинг қимматбаҳо безакларини ўғирлаб кетмоқда. Хусусан, олтин суви юритилган темир панжаралар ва боғда безак учун ишлатилган ҳайкалчалар ўғирлаб кетилган, дейилган хабарда.