ТОШКЕНТ, 11 ноя — Sputnik. Самарқанд шаҳрида ўтказилган халқаро конференцияда сўзлаган нутқи давомида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев "мақсадимиз — Марказий Осиёни гуллаб-яшнаётган минтақага айлантириш", дея таъкидлаган эди.
Ўзбекистон раҳбари сўзлаган нутқ халқаро анжуман иштирокчилар томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди.
Хусусан, Қозоғистон Республикаси ташқи ишлар вазири Қайрат Абдраҳмонов расмий Остона келгусида ҳам қўшни мамлакатлар билан икки томонлама ва халқаро ташкилотлар доирасида кўп томонлама ҳамкорликни изчил ривожлантириш тарафдори эканлигини алоҳида қайд этди.
"Қозоқ халқида шундай нақл бор — яхши қўшни оғайнидан афзал. Қозоғистон Республикаси Марказий Осиё давлатлари билан ана шундай тамойил асосида ҳамкорлик алоқаларни йўлга қўйган ва бундан манфаатдор. Биз келгусида ҳам қўшни мамлакатлар билан икки томонлама ва халқаро ташкилотлар доирасида кўп томонлама ҳамкорликни изчил ривожлантириш тарафдоримиз. Кейинги пайтда бу борада Ўзбекистон ва Қозоғистон президентларининг муҳим келишувларга эришганларини алоҳида таъкидлашни истардим", — деди Абдраҳмонов.
У шунингдек, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясида илгари сурган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг мунтазам маслаҳатлашувларини йўлга қўйиш бўйича ташаббусини Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев қўллаб-қувватлаганини айтди ҳамда биринчи учрашувни Қозоғистон қабул қилишга тайёрлигини билдирди.
Абдраҳмонов Ўзбекистон президенти халқаро форумда ҳам минтақа давлатлари ўртасидаги алоқаларни ривожлантиришнинг муҳим йўналишларига алоҳида эътибор қаратганини таъкидлаб ўтди.
"Биз — Марказий Осиё давлатлари ташқи ишлар вазирлари бу ташаббусларни ҳаётга татбиқ этишда фаол бўлишимиз зарур", — дея даъват қилди сиёсатчи.