ТОШКЕНТ, 11 ноя — Sputnik. Бугун, 11 ноябрь куни Самарқанд шаҳрида ўтказилаётган "Марказий Осиё: бир ўтмиш ва бир келажак, барқарор ривожланиш ва ўзаро фаровонлик учун ҳамкорлик" халқаро конференцияси якунланди.
Икки кун давом этган анжуман туфайли қадимий Самарқанд ва бу шаҳарда содир бўлаётган воқеликлар жаҳон ҳамжамияти эътиборида бўлди.
Анжуманда хорижий мамлакатлардан келган 500 дан зиёд делегациялар: 20дан зиёд Осиё давлатлари вакиллари, ўндан зиёд халқаро ташкилотлар вакиллари, жумладан, Марказий Осиё давлатлари ташқи ишлар вазирлари иштирок этди.
Анжуман давомида 70 дан зиёд чиқишлар тингланди. Бу маърузаларда минтақа мамлакатлари ўртасида иқтисодиёт, транспорт, маданий-гуманитар, туризм ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш, сув-энергетика ресурсларидан биргаликда фойдаланиш, юзага келиши мумкин бўлган хавф ва таҳдидларга қарши ҳамкорликда курашиш, қўшни Афғонистон республикасида тинчлик ўрнатиш юзасидан муҳим таклифлар билдирилди.
Анжуман қатнашчилари Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев томонидан Марказий Осиё давлатлари ўртасида аҳил қўшничилик ва ҳамкорлик алоқаларни ривожлантириш, минтақа давлатлари раҳбарларининг доимий маслаҳатлашувлар ўтказиш ва бошқа ташаббусларини қўллаб-қувватлади.
Шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг Марказий Осиё минтақасида тинчлик, хавфсизлик ва барқарор ижтимоий-иқтисодий тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга доир махсус резолюциясини қабул қилиш тўғрисидаги таклиф маъқулланди.
Халқаро конференция якуни бўйича коммюнике қабул қилингани маълум қилинди.
"Бугунги учрашув, музокаралардан сўнг давлатларимиз бир-бирини янада яхшироқ тушуна бошладилар. Буларнинг барчаси, шубҳасизки, Марказий Осиё давлатларининг янги сиёсий харитасини ҳосил қилди. Самарқандда ҳақиқатда тарихий воқеа юз берди", — дея ўз нутқига якун ясади Абдулазиз Камилов.