ТОШКЕНТ, 10 ноя — Sputnik. Тошкент милицияси фирибгарлардан иборат бўлган "идишчилар" гуруҳининг янги аъзоларини қўлга олди, деб хабар берди Sputnik мухбири.
Бу сафар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари олти нафар шахсни ушлади. Улар орасида тўрт нафар молдовалик, бир нафардан россиялик ва украиналик фуқаролар бор.
"Тезкор ходимлар томонидан Молдова фуқаролари Николай Шарбан, Василе Шарбан, Вадим Шарбан ва Моисеи Преида, Украина фуқароси Максим Раду ва Россия фуқароси Михаил Чеботарь қўлга олинди. Улар Тошкентдаги меҳмонхонада яшашган ҳамда ошхона анжомлари, идиш-товоқларни алдов йўли билан сотишган", — деб маълум қилди ИИББ вакили.
Илгарироқ милиция ходимлари ушбу гуруҳ аъзолари бўлган олти нафар Молдова фуқароси Матфей Ненит, Еримей Киру, Никита Радукан, Михаил Ненит, Александр Плешко ва Александр Чеботарни қўлга олганди.
Улар Чилонзор туманидаги "Абу Сахий" бозоридан ошхона анжомлари, идиш-товоқ комплектлари ва шу каби бошқа буюмларни арзон нархларда сотиб олиб, уларни Тошкент шаҳридаги кўп қаватли уйларнинг атрофида, бозорларда ҳамда супермаркетларда гўёки мазкур буюмлар Европа давлатларида ишлаб чиқарилганлигини билдириб, харидорларни алдаш орқали қиммат нархларга сотиш билан шуғулланишган.