ТОШКЕНТ, 7 ноя – Sputnik. Жанубий Кореянинг Hyundai Motor Company компанияси Ўзбекистонга юк машиналари етказиб бериш бўйича шартнома имзолади, деб хабар бермоқда Подробно.уз Кореянинг Yonhapnews агентлигига таяниб.
Умумий қиймати 14 миллион долларлик 182 дона юк машинаси 2018 йил февралигача етказиб берилади. Улардан Тошкент санитария хизматлари учун фойдаланилади, дейилади Yonhapnews хабарида.
Бу ушбу компаниянинг Ўзбекистонга иккинчи марта юк автомобиллари етказиб беришидир. Компания 2001 йилда 200 дона юк машинасини экспорт қилганди.
Эслатиб ўтамиз, илгарироқ Россиянинг "КАМАЗ" компанияси ва "Ўзавтосаноат" АЖ Ўзбекистонда юк автотранспортларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича ҳамкорлик шартномаси имзолаганди.