ТОШКЕНТ, 7 ноя — Sputnik. АҚШ президенти Дональд Трамп кортежига ўрта бармоғини кўрсатган америкалик аёл иш жойидан маҳрум бўлди, деб хабар қилмоқда Huffington Post.
Илгарироқ Оқ уй фотосуратчиси Трамп кортежига беҳаё ишорани кўрсатган велосипедчи аёлни суратда муҳрлаган эди. Сал кейин бу сурат ижтимоий тармоқларда ҳамда оммавий ахборот воситаларида тарқалиб кетади.
Интернет фойдаланувчилари орасида америкалик аёлнинг бу ҳаракатини ҳақиқий "қаҳрамонлик" дея баҳолаганлар ҳам топилди.
Хабарда таъкидланишича, раҳбарият 50 яшар Жули Бриксменни суҳбатга чақиртириб, Америка президенти кортежига қаратилган беҳаё қилиқ акс этган фотосуратларини Twitter ва Facebookга жойлаган бу аёлга, у ижтимоий тармоқлар бўйича компания сиёсатини бузганлигини маълум қилган.
Бриксмен фаолият юритган компания давлат буюртмаларини бажарган, демакки, ушбу сурат бизнесга ҳам зиён етказиши мумкин бўлган.