ТОШКЕНТ, 6 ноя — Sputnik. "Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Америка қўшма штатларининг Сазерленд Спрингс шаҳридаги "Биринчи Баптист Черковида" юз берган отишма оқибатида кўплаб инсонлар қурбон бўлгани муносабати билан ушбу мамлакат Президенти Дональд Трампга таъзия изҳор этди.
Ўзбекистон раҳбари қурбон бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига чин дилдан ҳамдардлик изҳор этди ҳамда барча жароҳат олганларга тез фурсатда соғайиб кетишларини тилади, деб хабар қилади Ўзбекистон ТИВ матбуот-хизмати.
Эслатиб ўтамиз, АҚШнинг Техас штати Сазерленд-Спрингз шаҳрида якшанба ибодати учун черковга келган одамлар автоматдан ўққа тутилди. Фожеа оқибатида 27 киши қурбон бўлди, 24 киши яраланди, улардан 8 киши оғир аҳволда.
Жиноятчи полиция билан бўлган отишмада у йўқ қилинган.
ABС телеканали хабарига кўра, ушбу жиноят Техаснинг Нью Браунфельс шаҳридан бўлган 26 ёшли Девин Келли (Devin Kelley) исмли собиқ аскар томонидан содир этилган. Таъкидланишича, у АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучларида хизмат қилган ва 2014 йилда содир этган қоидабузарликлари учун трибуналга тортилиб истеъфога чиқарилган.