ТОШКЕНТ, 4 ноя – Sputnik. Ўзбекистон футбол федерациясининг Болалар, ўсмирлар ва оммавий футбол бошқармаси "Олтин водий" лойиҳаси дастурини ишлаб чиқди. Бу ҳақда ЎФФ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Унга кўра, Фарғона вилояти водий лигасининг маркази сифатида қайд этилди ва ЎФФ ҳамда ПФЛ томонидан махсус дастур асосида бошқарилади. Тошкент шаҳар футбол федерацияси томонидан пойтахтда амалга оширилаётган барча кўламдаги ишлар водийда ҳам амалда қўлланилади.
Хабарда айтилишича, бу водий футболининг яна аввалги мавқеига қайтишига замин яратади. Лойиҳани ишга тушириш орқали водийлик маҳаллий ўсмирларни ўз уйларидан узоқ бўлмаган ҳолда сифатли хизмат турини олишини таъминлаш бўлади.
Шу билан бир қаторда водий жамоаларини профессионалликка йўналтириш чора-тадбирлари қўлланилади. Водий жамоалари учун маркетинг, ОАВ, болалар футболи, лицензиялаш, мураббийларнинг малакасини ошириш каби дастурлар энди водийнинг ўзида тажрибали мутахассислар томонидан ўргатилади.
Шунингдек, ягона марказда фаолият олиб борадиган мутахассислар, водий жамоалари иштирокидаги олий ва биринчи лига учрашувларини ОЧЛ савиясида ўтказиш борасида маҳаллий клублар билан биргаликда ишлайдилар. Айни кунда бундай хизмат тури билан фақатгина "Бунёдкор", "Пахтакор", "Насаф" ва "Локомотив" мақтана олади.
"Олтин водий" лойиҳаси асосида водийнинг турли шаҳарларида турли хилдаги тадбирлар ташкил этилади. Мазкур лойиҳа асосида Ўзбекистон Кубоги — 2018нинг финал ўйинига ҳам айнан водий стадионларидан бири мезбонлик ҳуқуқини мавсум бошида қўлга киритади.
2018 йил мавсум аввалида профессионал клублар ўртасида "Олтин водий" мусобақаси бўлиб ўтади. Унда водий клубларидан ташқари республиканинг бошқа жамоалари ҳам иштирок этадилар.
Водий клублари ва "Олтин водий" лойиҳаси иштирокчилари 2018 йил ОЧЛ ўйинларининг ишчи-гуруҳи таркибида малака оширадилар. Шунингдек, "Нефтчи", "Навбаҳор", "Андижон", "Қўқон-1912", "Цементчи" каби жамоаларнинг болалар ва ўсмирлар футболига масъул ходими болалар футболи ривожланган Европа мамлакатларида тажриба орттиради.
"Олтин водий" дастури асосида қуйидаги ишлар амалга оширилади:
1. 2-лига жамоалари ўртасида водий лигаси;
2. U-14, U-16, U-18 жамоалари ўртасида водий лигаси;
3.U-7-U-18 жамоалари ўртасида Фарғона, Наманган, Андижон вилоятларининг икки давралик тизимдаги чемпионати;
4.U-7 — U-18 жамоалари ўртасида водий вилоятларининг чемпионати.
Эслатиб ўтамиз, илгарироқ ЎФФ 2018 йилги мавсумдан Олий лигада 16та ўрнига 12та жамоа иштирок этишини маълум қилганди.