ТОШКЕНТ, 2 ноя — Sputnik. Тошкент метрополитенида шу йил якунигача йўлкира ҳақи оширилмайди, деб хабар қилди Sputnik мухбири.
"Шу йил якунига қадар метро йўлкира ҳақини ошириш ниятимиз йўқ. Метрополитен энг оммабоп транспорт тури ҳисобланади. Шунинг учун тўлов тарифларини бир маромда ушлаб туришга ҳаракат қиляпмиз. Ушбу транспорт турига йўловчи ташиш автобуслари ҳам киради. Шунинг учун ҳозирча тарифлар оширилиши ҳақида ҳеч қандай гап сўз йўқ", — деди "Тошкент метрополитен" ДУ бош инженери Бахтиёр Содиқов.
Садиқов "Лекин ҳукумат томонидан ёқилғи маҳсулотларининг нарх оширилса, ўз-ўзидан метро йўлкира ҳақи ҳам ўзгаради", — деб қўшимча қилди.
Эслатиб ўтамиз, 9 мартдаги Вазирлар Маҳкамаси ва Тошкент шаҳар ҳокимлигининг "Тошкент метрополитенида пенсионерларга бепул хизмат кўрсатиш тўғрисида"ги қарорига асосан Тошкент метрополитенида ҳаракатланиш пенсионерлар учун соат 10:00дан соат 16:00гача бепул бўлганди.
Бундан ташқари, Тошкент метросида "Mikroelektronika Plyus" маҳаллий корхонаси томонидан йўлкира ҳақини тўлашнинг автоматлаштирилган тизими татбиқ этилмоқда. Лойиҳанинг дастлабки босқичида Мустаққиллик майдони метро бекати тест синовлари тариқасида махсус турникет ва бир марталик чипта сотувчи автоматлар билан жиҳозланди.