ТОШКЕНТ, 1 ноя — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида жисмоний тарбия ва спорт соҳасида бошқариш тизимини такомиллаштириш, оммавий спортни ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилди.
Унда бош вазир, президентнинг давлат маслаҳатчиси, тегишли вазирлик ва қўмиталар раҳбарлари иштирок этди.
Йиғилишда спорт соҳаси учун малакали кадрлар ва мураббийлар тайёрлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди, деб хабар берди президент матбуот хизмати.
Спорт соҳасида асосий билим маскани бўлган Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти Чирчиқ шаҳрига кўчирилди. Натижада институт малакали спортчи ва мураббийларни ўқитиш ҳамда тайёрлаш учун зарур инфратузилмага эга бўлди, замонавий спорт шаҳарчаси барпо этиш имконияти яратилди. Шунингдек, институтда 2017/2018 ўқув йилидан бошлаб сиртқи таълим олиш йўлга қўйилди.
Йиғилишда институт фаолиятини янада такомиллаштириш, ўқув жараёнига янги инновацион технологияларни жорий қилиш, илмий изланишлар учун махсус лабораториялар ташкил этиш бўйича топшириқлар берилди. Жисмоний тарбия институтини замонавий спорт таълим муассасасига айлантириш, ўқув дастурларини замонавий илм-фан ютуқлари асосида ташкил этиш бўйича 2018-2020 йилларга мўлжалланган дастур тузиш зарурлиги таъкидланди.
Президент Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 39 та спорт иншоотини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари жадвалдан ортда қолгани, сузиш ҳавзаларини замонавий анжомлар билан жиҳозлаш кечиктирилганини танқид қилди. Бу камчиликларни бартараф этиш, йил охиригача қурилиш ишларини якунлаш бўйича топшириқлар берилди.
Спорт мактаблари, республика олий спорт маҳорати мактаблари ҳамда спорт федерацияларининг иқтидорли ёшларни кашф этиш борасидаги ҳамкорлиги, селекция ишлари талаб даражасида йўлга қўйилмагани танқид қилинди. Бу борада аниқ шаффоф механизм яратиш ва барча ҳудудларни қамраб олиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Шунингдек, мамлакат спортчиларини нуфузли халқаро мусобақалар, жумладан, бўлғуси Олимпия ва Паралимпия ўйинларига пухта тайёрлаш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Ҳозирда иқтидорли спортчиларни саралаш ва терма жамоаларни шакллантириш, спортчиларнинг маҳаллий ва хорижий ўқув-машғулот йиғинларини ташкил этиш, уларнинг нуфузли мусобақалардаги муносиб иштирокини таъминлаш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Йиғилишда халқаро мусобақаларда қўлга киритилаётган медаллар фақат бокс, дзюдо, оғир атлетика ва спорт курашлари билан чегараланиб қолаётгани танқид остига олинди. Гимнастика, трамполин, енгил атлетика, таэквондо, байдарка ва каноэда эшкак эшиш, велоспорт каби бошқа салоҳиятли спорт турлари бўйича ҳам кўпроқ ютуқларга эришиш юзасидан аниқ чоралар белгилаб берилди.