ТОШКЕНТ, 26 окт — Sputnik. Ўзбекистонда болалар боғчаларида ўз тарбияланувчилари учун овқат тайёрлашдан воз кечиш бўйича янгича тартибни татбиқ этиш масаласи кўриб чиқилмоқда. Бу ҳақда Sputnik Ўзбекистон мухбири хабар берди.
Бунинг учун ихтисослаштирилган кейтеринг компанияларини жалб қилиш режалаштирилган.
Компанияларни танлаш жараёнида озиқ-овқат маҳсулотларини сифатли, хавфсиз ва санитария-гигиена талабларига тўлиқ риоя қилинишига алоҳида эътибор берилади.
"Ушбу компанияни нафақат озиқ-овқатларни сифатли тайёрланишига, балки белгиланган талабларга мос равишда етказилиши ва ўралишига алоҳида эътибор берган ҳолда танлаймиз. Асосий мақсад — болалар учун сифатли ва соғлом овқатланишни таъминлаш. Бунинг натижасида яна бир долзарб муаммо ечилади. Боғча ходимлари тармоқ вазифаларига тегишли бўлмаган вазифалардан озод этилиб, биринчи навбатда болалар тарбияси ва таълими билан шуғулланишади", — деб таъкидлади Sputnik мухбирига Халқ таълими вазирлигидаги манбааси.
Эслатиб ўтамиз, мактабгача таълим вазирлиги шу йилнинг сентябри охирида ташкил этилганди. Тошкент ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежи директори бўлиб ишлаган, сенатор Агриппина Шин ушбу идора вазири этиб тайинланди.
Бугунги кунда республикада 4916 та мактабгача таълим муассасаси фаолият кўрсатади. Яқин беш йил ичида янгиланган лойиҳалар бўйича яна 50 та болалар боғчаси қуриш мўлжалланган. Шунингдек, бу давр мобайнида 1167 та болалар боғчаси реконструкция қилинади, 983 та боғча эса жорий таъмирланади.