ТОШКЕНТ, 26 окт – Sputnik. "Ўзавтосаноат" АЖ ҳамда GM компанияси янги GM-Ўзбекистон Альянсини ташкил этиш бўйича қарор қабул қилди. Бу ҳақда GM Uzbekistanнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилинди.
Айтилишича, бу Ўзбекистоннинг ўсиб бораётган автомобиль саноатининг талабларига жавоб берадиган янги ҳамкорлик платформаси бўлиб, янги Альянс Ўзбекистон автосаноатини ривожлантириш мақсадида ташкил этилди.
GM Ўзбекистон Альянси доирасида "Ўзавтосаноат" АЖ ҳамда GM компанияси Ўзбекистонда автомобиллар ва двигателларини ишлаб чиқариш, ҳамда ички ва ташқи бозорда Chevrolet ва Ravon брендлари остида автомобиль савдоси бўйича ҳамкорликни давом эттиради.
Томонлар янги турдаги маҳсулотларни ўзлаштириш бўйича тасдиқланган лойиҳалар устида ишлашда давом этади. GM Ўзбекистон Альянси доирасида томонлар шунингдек МДҲ ва янги бозорларда экспортни кенгайтириш масалаларини ўрганишади.
Альянс шунингдек, GM компаниясининг автомобиль технологиялари ва ноу-хауларидан фойдаланишни таъминлайди.
Альянс доирасида "Ўзавтосаноат" АЖ автомобил ва двигателларни ишлаб чиқариш бўйича операцион фаолият, шу жумладан ташқи бозорда GM маҳсулотлари учун Ravon брендини дунёга танитиш бўйича назоратни тўлиқ ўз зиммасига олади.
"Соҳанинг мустаҳкамланаётганини инобатга олган ҳолда, хозир Альянсга ўтишнинг айни вақти. GM компанияси Ўзбекистонда қолади ва мамлакатдаги автомобиль саноати ривожига ўз ҳиссасини қўшишда давом этади", — дейди GM Operations Uzbekistan раҳбари Хектор Вильярреал.
Икки томон Альянсга ўтиш бандлик даражасига ёки автомобиль ва двигателлар ишлаб чиқариш ҳажмига таъсир қилмаслигини тасдиқлайди. GM компанияси Ўзбекистонда автомобиль ва двигателлар ишлаб чиқариш учун бутловчи қисмларни етказиб беришни ҳамда Ўзбекистон автосаноатини консультатив ҳамда техник кўмак беришга йўналтирилган янги ташкил топаётган GM Advisory Services компанияси орқали қўллаб-қувватлашда давом этади.