ТОШКЕНТ, 24 окт — Sputnik. Ўзбекистон ҳукумати яқин қариндошлар орасида буйрак ва жигар бўлагини трансплантация қилиш тартиби ҳақидаги вақтинча низомни тасдиқлади.
Lex.uz порталида келтирилган ҳужжатга мувофиқ, буйрак ва жигар бўлагини трансплантация қилиш бўйича операциялар фақат давлат тиббиёт муассасаларида амалга оширилади ва органга муҳтож беморга фақатгина яқин қариндошлари донорлик қилиши мумкин.
Операцияни амалга оширувчи тиббиёт муассасалари рўйхатига Академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий жарроҳлик тиббиёт маркази, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва Тошкент шаҳар нефрология шифохонаси киритилди.