ТОШКЕНТ, 19 окт — Sputnik. Ўзбекистонда нотариал идоралар фаолиятига яна бир бор ўзгартиришлар киритилди, деб хабар қилди Sputnik мухбири.
Эндиликда фуқаролар чет элда амал қилишга мўлжалланган қонунийлаштириш (легаллаштириш) талаб этиладиган ҳужжатларни шаҳодатлаш масаласида ўзлари учун қулай бўлган нотариал идорага мурожаат этишлари мумкин.
Бугунги кунга қадар чет элда амал қилишга мўлжалланган қонунийлаштириш (легаллаштириш) талаб этиладиган ҳужжатларни шаҳодатлаш фақатгина муайян нотариуслар томонидан амалга оширилиб келинганди.
Адлия вазирлиги мутахассислари фикрига кўра, ушбу ўзгартиришлар давлат хизматларини кўрсатишда фуқароларга қулай шарт-шароитлар яратиш, тезкорлик ва сифатли ҳуқуқий хизмат кўрсатишга қаратилган.
Шу ўринда таъкидлаб ўтиш керакки, бу нотариал идоралар фаолиятига ягона бўлган ўзгартиришлар эмас. Хусусан, 2018 йил 1 январдан бошлаб мамлакатда хусусий нотариал идораларнинг фаолият кўрсатилишига рухсат берилади. Хусусий нотариал идоралар иш фаолияти 2010 йил май ойида тўхтатилганди.
Бироқ ушбу йўналишда вазият ўзгармади. 2017 йилнинг ўзида 67 нафар ходимларга нисбатан турли ҳуқуқий таъсир чоралари қўлланилди. Жумладан, 5 нафар нотариал идора ходимлари бўшатилган ва 27 нафар жиноий жавобгарликка тортилган.
Бундан ташқари, яқинда аҳоли ўртасида ўтказилган сўров ижобий натижаларни бермади. Сўровда қатнашган одамлар нотариал идораларда узоқ вақт ва кўп маблағ йўқотилиши, нотариус ходимларининг камлиги, сифатсиз хизмат кўрсатилиши ва етарли малакаси йўқлигини маълум қилишган.
Сўровда қатнашганларнинг 60 фоизи нотариал идоралар ноқонуний фаолият кўрсатишлари ва прейскурантда белгиланган нархлардан кўп маблағ олинишини баён қилишган.