ТОШКЕНТ, 18 окт — Sputnik, Татьяна Милькович. Сочи шаҳрида ўтказилаётган XIX умумжаҳон ёшлар фестивалига турли мамлакатлардан 20 мингдан ортиқ талабалар келишди. Улар орасида ўзбекларни топиш осон иш эмас. Кутилмаганда бу масалада Че Геваранинг китоби ёрдамга келди.
Фестивал бўлиб ўтаётган Олимпия паркида турли учрашув ва тадбирлар билан қайнаб тошмоқда. Йўл ташвишлари ва тантанали очилиш маросими ортда қолди.
Турли тилларда сўзлашишига қарамасдан ёшлар бир-бирини яхши тушуниб, фаол равишда истиқболли фикрларини баён қилишмоқда.
Форум иштирокчилари ғайрат билан ўз лойиҳаларини тушунтирмоқдалар. Улар гўёки тоғни талқон қилишга тайёр. Лекин улар орасида ўзбекистонликларни топиш қийин.
Марказий Осиё давлатлари стендлари қўйилган павильонга бордим. Мана Қирғизистон ёшлари ўзларининг миллий кийимларида мамлакати ҳақида сўзлаб беришмоқда. Улар ёнида миллий ёрқин либосларда чиройли тожикистонлик қизлар меҳмонларни қутлашмоқда.
Лекин бу ерда ҳам Ўзбекистон стенди йўқ. Ўзбекистонликларни излашни давом этиб, беларуслар стендига етиб бордим. У ерда Беларус ёшлари расмий ва миллий белгилар билан безатилган кийимларда барча қатнашчиларни асал билан меҳмон қилишмоқда. Шунингдек, шу ерда хоккеистлар формасини кийиб кўриш ва ўз кучини синаш учун тош кўтариш мумкин.
Уларнинг қўшнилари —вьенамликлар. Улар анъанавий похолдан ясалга шляпаларда барча иштирокчилар билан селфи расмга тушишмоқда.
Ўзбек тилида Че Гевара китоблари борми?
Кейинги стендда команданте Че Геваранинг китоблари қўйилган. Кутилмаганда "Айтингчи, сизда ўзбек тилига таржима қилинган бу китоблар борми?" — деган савол эшитилди. Қайрилиб қарасам, келишган ёш йигит турган экан. Шундан кейин китоб ҳақидаги гап ҳазил эканлигини тушундим.
"Ё худо, сиз Ўзбекистонданмисиз? Мен узоқ вақт ўзбекларни қидиргандим!", — ўз омадимга ишонмаган ҳолда айтдим.
"Ва улардан энг яхшисини топтингиз!", — деб хушчақчақлик билан олдимизда одамлар кўлгиси садоси остида жавоб берди.
Менинг тасодифий суҳбатдошим — Махмуджон Каримжонов. Ёши 23 да. У пўлат ва қотишмалар техник тадқиқотлар миллий университети (МИСиС) талабаси. Шу билан бирга Махмуд ушбу олийгоҳда ўзбекистонлик талабалар кенгаши раиси экан.
Биз қизғин суҳбатлашдик. Суҳбатимиз давомида Москвада қандай таҳсил олаётганлиги, олийгоҳда ватандошларнинг Россияда бўлиш билан боғлиқ бўлган муаммоларни ҳал қилиш борасида қилаётган ишлари ва турли дам олиш тадбирларини уюштириши тўғрисида батафсил сўзлаб берди.
Махмуд Сочи шаҳрида ўтказилаётган фестивал ҳақида ҳам ўз фикрларини билдирди. Жумладан, турли хорижий давлатлардан иштирокчилар келган бўлиши қарамасдан, ёшлар орасида ўзаро бирлик ва ҳамжиҳатлик муҳити шаклланганлигини алоҳида эътироф этди.
Олтин "Ёшлик"
Келгуси режалар ҳақида сўз борганда, хушчақчақ бўлган йигит тезлик билан жиддийлашиб, "биринчи навбатда Россияда, кейинчалик ҳаммаси рўёбга чиқса Германияда ўқишни тугатиб, Ўзбекистонга қайтаман ва давлат равнақи йўлида ишламоқчиман", — деб таъкидлади.
"Тошкент вилоятида Олмалиқ тоғ-металлургия комбинати бор. У ерда ҳар йили Россияда ўқимоқчи бўлган ёшлар саралаб олинади. Менинг омадим келди. Танловдан ўтиб, барча имтиҳонларни аъло даражада топширдим. Энди комбинат менинг ўқишимга тўлаяпти. Ўқишни битиргандан сўнг, мен металлургия соҳаси ривожланишига ўз ҳиссамни қўшмоқчиман. У ерда олтин қазиб олиш бўйича янги кон аниқланди. Уни "Ёшлик" деб номлашди. Ўйлайман, келгусида ўқишни битиргач, ўша ерда ишлайман", — деди Махмуджон.
Биз фестивалнинг қизиқарли воқеалари ҳақида фикр алмашдик. Махмуджон мени Ўзбекистонга таклиф қилиб, Тошкент, Самарқанд, Бухоро шаҳарларнинг кўзга кўринган жойларини кўрсатишга ваъда берди. Биз телефон рақамлари билан алмашдик. Ўйлайманки, биз тез орада яна албатта учрашамиз.