ТОШКЕНТ, 17 окт — Sputnik. Ўзбекистонда газ баллонлар билан жиҳозланган барча автомобилларни махсус кузатув қурилмалари (датчик) билан жиҳозлаш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Sputnik мухбири хабар қилди.
Республика ҳукумати "Ўзбекнефтегаз"да ягона бошқарув марказини ташкил этиш тўғрисида топшириқ берди. Ушбу марказ махсуслаштирилган ахборот тизимини татбиқ этиш ва фойдаланиш ишлари билан шуғулланади. Ахборот тизими автотранспорт воситаларидаги газ баллон ускунасининг техник ҳолатини назорат қилишни реал вақт режимида (онлайн) амалга ошириш мўлжалланмоқда. Шу билан бирга, автомобилга газ тўлдирувчи компрессор станциялари (АГТКС) иш фаолияти ва сиқилган табиий газ ҳисобга олиш ва назорат қилиш ишлари амалга оширилади.
2019 йил якунига қадар бутун республикада 800 мингдан ортиқ автомашиналарни сиқилган табиий газ асосида ишлашга ўтказиш режалаштирилмоқда. Уларнинг 712 минг автомашина жисмоний шахсларга, қолганлари юридик шахсларга тегишлидир.
Шу билан бирга ҳукуматнинг таҳминларига кўра, сиқилган табиий газ ёқилғи сифатида фойдаланиш келгуси 3 йил ичида 21 фоизга (2017 йилда — 2,4 млрд кубаметр, 2019 йилда — 2,9 млрд кубаметр) ортади.
Ушбу жараённи тезлаштириш мақсадида ҳукумат томонидан тармоқ тузилмаларга газ баллон ускуналарини харид қилиш ва автомашиналарга ўрнатиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида АГТКСларда "ягона ойна" тамойили асосида имтиёзли кредитларни ажратиш тўғрисидаги шартномаларни расмийлаштириш жойларини ташкил этиш бўйича тавсиялар берилди.
Бундан ташқари, дунёнинг етакчи ишлаб чиқарувчиларини жалб қилган ҳолда сиқилган табиий газ ускуналари ишлаб чиқариш локализацияси улушини ошириш режалаштирилган.
Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси маҳаллий ҳокимиятларга 2017 йил 1 декабрдан бошлаб янги автомобилларга газ қуйиш шохобчалари (АГҚШ) қуриш учун ер ажратишни тақиқлаганди.
Бунда, мавжуд АГҚШлар босқичма-босқич равишда автомобилларга газ тўлдириш компрессор станцияларига (АГТКС) айлантирилади. Ёқилғи қуйиш шохобчаларини ўзгартиришнинг батафсил режаси шу йилнинг декабр ойи ўрталарига қадар ишлаб чиқилади.
Шу билан бирга 2018 йил 1 февралдан 2018 йил 1 февралдан бошлаб СТГ-2, СТГ-3 ва СТГ-4 туридаги газ баллонли ускуналар ўрнатилган автомобиллардан фойдаланиш тақиқланди. Шунингдек, завод комплектацияси бузилган СТГ-1 баллонли транспорт воситаларини бошқариш ҳам тақиқланди.
Амалдаги қонунчиликка кўра, фойдаланилиши тақиқланган транспорт воситаларини бошқариш энг кам иш ҳақининг 5 баравари миқдоридаги жарима солинишига сабаб бўлади (748 875 сўм).