ТОШКЕНТ, 14 окт – Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожи билан танишиш, истиқболдаги вазифаларни белгилаш мақсадида Хоразм вилоятига келди. Бу ҳақда президентнинг матбуот хизмати хабар берди.
Президентнинг Хоразм вилоятига сафари давомида аввалги ташрифда белгиланган режалар қандай амалга оширилаётгани билан танишиши, ҳудуд тараққиётини янги босқичга кўтариш бўйича истиқболдаги долзарб вазифалар белгиланиши режалаштирилган.
Давлат раҳбари шу йилнинг 27-28 январь кунлари Хоразмга ташрифи чоғида вилоят иқтисодиётини ривожлантириш, саноат ва қишлоқ хўжалигини таркибий ўзгартириш, ижтимоий объектлар барпо этиш ва инфратузилмани яхшилаш, аҳоли турмуш даражасини ошириш бўйича қатор вазифаларни белгилаб берган эди.
Шунга мувофиқ, ўтган даврда ҳудудда кўплаб янги корхоналар, кичик бизнес субъектлари, кўп тармоқли фермер хўжаликлари ташкил этилди. Туризм, тўқимачилик, балиқчилик, паррандачилик, ирригация ва бошқа соҳаларда истиқболли лойиҳалар амалга оширилди. Уй-жойлар, шифохоналар, мактаб ва санъат даргоҳлари қурилди. Яна қатор лойиҳалар бўйича ишлар давом эттирилмоқда.