ТОШКЕНТ, 12 окт – Sputnik. Россиянинг "Тунги бўрилар" ("Ночные волки") мотоклуби аъзолари Ўзбекистоннинг Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида бўлишади. Бу ҳақда мотоклуб матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Хабарда айтилишича, 1 октябрдан 4 ноябрга қадар "Тунги бўрилар" мотоклуби ва Россия мототуризм федерацияси "Сирли Осиё" мотоэкспедициясини ўтказади. Экспедиция доирасида байкерлар Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистонга сафар уюштиришади.
Сафар давомида мотоэкспедициячилар Москвадан йўлга чиқиб 10та шаҳарда, хусусан, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида бўлишади. Экспедиция жами 11 минг километр масофани босиб ўтади.
Экспедиция 4 ноябр – Халқ бирдамлиги куни Москвага қайтиб келади.
Экспедициянинг мақсади Россия ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш, мототуризм ва соғлом ҳаёт тарзини тарғиб қилишдан иборат.
"Тунги бўрилар" бугун Қирғизистонга етиб келишди.