ТОШКЕНТ, 11 окт — Sputnik. БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг дин ва эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳид бошчилигидаги делегацияси аъзолари 9-10 октябрь кунлари Қорақалпоғистон Республикасида бўлди, деб хабар қилди Ўзбекистон Ҳукумат портали.
"Меҳмонлар ташриф доирасида "Саҳро Луври" номи билан машҳур И.Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат санъат музейида ҳам бўлиб, Оролбўйи халқларининг қадим тарихи ва маданиятига оид қимматбаҳо осори-атиқалар билан танишди", — дейилади хабарда.
Делегация аъзолари, шунингдек, Қорақалпоғистондаги диний таълим муассасаси — Муҳаммад ибн ал-Беруний номидаги ўрта махсус ислом билим юртида ҳам бўлди. Билим юрти толиблари ва мударрислар билан суҳбатда ушбу таълим муассасасида диний билимлар билан бирга, дунёвий илмлар ҳам пухта ўргатилиши, ўқув жараёни замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланган ҳолда олиб борилиши таъкидланди.