ТОШКЕНТ, 11 окт – Sputnik. Иннополис университети ва Mirzo Ulugbek Innovation Center инновация маркази ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Бу ҳақда университет матбуот хизмати хабар берди.
Томонлар инновацион лойиҳалар, илмий ишланмалар, юқори технологик марказлар, бизнес-инкубаторлар, акселератор ва коворкинглар ташкил этиш ва ривожлантириш, технопаркларни бошқариш бўйича тажриба алмашишга келишишди.
Ҳужжатда ҳамкорликда маҳсулот ва илмий ишланмалар яратиш ҳамда уларни ички ва ташқи бозорга олиб чиқиш, инновацион фаолиятни юксалтириш учун қулай муҳит шакллантириш бўйича тажриба алмашиш кўзда тутилган. Томонлар турли венчур фондлар, грантлар ва бошқа молиявий кўмаклар орқали инновация маркази резидентлари ва Иннополис университети талабаларини қўллаб-қувватлашни режалаштирган.
Меморандумга Ўзбекистон ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги расмий делегациясининг Татаристон Республикасига ташрифи доирасида Mirzo Ulugbek Innovation Center инновация маркази директори Хуршид Султонов ва Иннополис университети директори Кирилл Семенихин имзо чекишди.
Маълумот учун, Иннополис университети Россиянинг ахборот технологиялари ва робототехника соҳасида таълим ва илмий тадқиқотларга ихтисослашган ўқув юрти ҳисобланади.
Mirzo Ulugbek Innovation Center инновация маркази Ўзбекистон президентининг 2017 йил 30 июндаги фармонига асосан ташкил этилган бўлиб, марказнинг асосий мақсади АКТ соҳасида ишлаб чиқариш, таълим ва илм-фан интеграциясини чуқурлаштириш, шунингдек, иқтисодиётнинг юқори технологик соҳалари ривожи учун қулай шароитларни яратишдир.