ТОШКЕНТ, 10 окт — Sputnik. Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги делегацияси Москва вилоятида меҳнат келишуви асосида ишлаётган ўзбекистонликларнинг тижорий меҳмон уйлари (ётоқхона)даги шароитлари билан танишди.
Агентлик матбуот хизматининг маълум қилишича, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Э.Мухитдинов ва Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги раҳбари Х.Асамов бошчилигидаги делегация Россия Федерациясида бўлиб турибди, деб ёзади РИА Новости.
"Ушбу ташрифдан кўзланган мақсад Россия Федерациясига Агентлик томонидан юборилган Ўзбекистон фуқаролари учун яратилган шарт-шароитларни ўрганишдан иборат", — деб маълум қилинган матбуот хизмати томонидан.
Хусусан, делегация бир гуруҳ компаниялар ва текстиль саноати соҳасида Москва вилояти ҳудудида фаолият юритувчи москвалик иш берувчилар томонидан молиялаштирилган бир қатор тижорий меҳмон уйлари (ётоқхоналар)ни кўздан кечирди.
Меҳмон уйларига ташриф чоғида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Э.Мухитдинов ва Агентлик раҳбари Х.Асамов ишчиларнинг яшаш, овқатланиш шароитлари, Ўзбекистон фуқароларининг меҳнат фаолиятини амалга оширишлари учун тегишли ҳужжатлар (патент)ни олгунга қадар мослашиш муддатларини белгилаш масалалари билан танишдилар.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Россия ҳукуматлари ўртасида апрел ойида Россия Федерацияси ҳудудида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистон фуқароларини ташкилий жалб этиш тўғрисида Битим имзоланганди.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг маълумот беришича, ҳужжат имзоланганидан буён ўтган давр мобайнида 600дан ортиқ фуқаролар ташкилий жалб этиш доирасида Россия Федерациясига жўнатилган.
Россия ИИВнинг маълумотларига кўра, ҳозирда Россияда 1,7 миллион нафар Ўзбекистон фуқароси яшамоқда.