ТОШКЕНТ, 10 окт — Sputnik. Тожикистоннинг 130дан ортиқ корхонаси вакиллари 11-14 октябр кунлари бўлиб ўтадиган савдо-саноат кўргазмасида ўз маҳсулотларини намойиш этиш учун Тошкентга учиб кетишди. Бу ҳақда Sputnik Тожикистон хабар бермоқда.
Кўргазмада машинасозлик ва тоғ-кон саноати, енгил ва озиқ-овқат саноати ҳамда алюминий маҳсулотлари намойиш этилади.
Бу Тожикистоннинг Ўзбекистонда ўтказаётган илк мана шундай кўргазмаси бўлади. Душанбеда ҳам 25 йил давомида илк марта шу йилнинг 17-20 апрел кунлари Ўзбекистон маҳсулотлари кўргазмаси бўлиб ўтган, унда 160дан ортиқ ишлаб чиқарувчи қатнашганди.
Бундан ташқари, Ўзбекистонда Тожикистон маданияти кунлари ҳам бўлиб ўтади. Тожикистон расмий делегацияси таркибидан 44 нафар тожик санъат усталари жой олган.
Тожикистон маданияти кунлари эртага Тошкентдаги Алишер Навоий номидаги Давлат академик катта театрида бўлиб ўтади.
Ўзбекистонда Тожикистон маданияти кунлари сўнгги марта 1997 йилда ўтказилганди. Шу йилнинг май ойида Тожикистонда илк бор Ўзбекистон маданияти кунлари бўлиб ўтди.