ТОШКЕНТ, 10 окт — Sputnik. Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш маркази ва унинг ҳудудий бўлимларига дастурловчи, маълумотлар базаси администратори, веб-дизайнер, ахборот технологиялари мутахассиси лавозимларига ишга қабул қилиш бўйича номзодлар учун танлов эълон қилинди. Бу ҳақда Бош прокуратура сайтида маълум қилинди.
Номзодлар ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида олий ёки ўрта-махсус маълумотга, зарур билим ва иш тажрибасига, замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан профессионал даражада фойдаланиш қобилиятига эга бўлиши лозим.
Шунингдек, дастурчилар қуйидаги дастурлаш тиллари ва технологияларида ишлаш тажрибасига эга бўлиши лозим:
— Java Core, Java SE, J2EE, J2ME, Android, Swift, PL/SQL, Transact SQL, C++, HTML, CSS, JavaScript, Jquery, замонавий веб фреймворклар (Wicket, Spring ва бошқалар);
— ORM (MyBatis, Hibernate ва бошқалар), WebService, WebSocket, B2B технологиялари;
— WinAPI тизимида дастур, веб браузерлар учун плагинлар яратиш;
— SDK қурилмалар билан ишлай олиш ва тизимга интеграция қилиш;
— Android, iOS, Windows, J2ME қурилмалар учун дастурлар яратиш.
Марказ ва унинг ҳудудий бўлимлари ходимларига Бюро ходимлари учун назарда тутилган имтиёзлар, моддий ва ижтимоий муҳофаза чоралари қўлланилади.
Танловда қатнашиш, бунинг учун зарур ҳужжатлар ва бошқа талаблар ҳақида Мажбурий ижро бюросининг кадрлар бошқармасидан маълумот олиш мумкин (тел: 0-371-237-49-32).
Танловда иштирок этиш учун 10 октябрдан 31 октябрга қадар (душанба-шанба) соат 11дан 13гача суҳбат ўтказилади ва ҳужжатлар қабул қилинади.