ТОШКЕНТ, 4 окт — Sputnik. Ўзбекистонда пахта ҳосилини йиғиб олиш мақсадида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳудудий кенгашлари томонидан уюшмаган ёшлардан иборат теримчилар отрядлари ташкил этилган, Самарқанд вилоятининг барча туман ва шаҳарларида 200 нафаргача аъзодан иборат 150 та отряд тузилди, деб хабар қилди "Зарафшон" нашри.
Шунингдек, узоқ ҳудуддаги пахта даласига борадиган отрядлар учун транспорт воситаси ажратилган, тиббий хизмат кўрсатиш ҳамда хавфсизлигини таъминлаш ҳам эътибордан четда қолгани йўқ. Теримга жалб этилган ёшларнинг вақтинчалик меҳнат фаолияти иш стажи сифатида инобатга олинмоқда.
Мавсум давомида доимий фаоллик кўрсатган 200 нафар ёшларни рағбатлантириш мақсадида Халқ банки вилоят филиали томонидан чорва моллари — қўй, парранда беришни ҳам режалаштирилган.
Отрядларнинг фаол теримчилари мавсум давомида ҳар ўн кунда ва мавсум якунида аниқланиб, рағбатлантириб борилади. Шунингдек, вилоятдаги фидойи ёшлар отрядларининг яна 150 нафар аъзолари турли йўналишларда, жумладан, "Қишлоқ хўжалиги ишларидаги фаоллиги учун" номинацияси бўйича тақдирланади. Бундан ташқари, "Энг илғор теримчи", "Энг яхши отряд раҳбари", "Энг яхши фермер хўжалиги бошлиғи", "Энг яхши маҳалла раиси", "Энг фаол ҳамкор", "Энг фаол ташкилотчи", "Энг илғор туман (шаҳар) кенгаши" йўналишларида ҳам рағбатлантирилади.
Бу ҳали ҳаммаси эмас. Ўн кунлик натижасига кўра, энг илғор туман (шаҳар) кенгаши ғолиби ҳисоб рақамига 20 миллион сўм пул мукофоти ўтказилади. Мавсум якунида эса энг кўп пахта терган туман (шаҳар) кенгаши (камида 1 225 000 килограмм)га "DAMAS" автомобили совға қилиниши режалаштирилган.