Самарқанднинг эски шаҳар қисмидаги маҳаллалар ноябргача газ билан таъминланади

Oбуна бўлиш
Шаҳар газ таъминоти корхонаси шу йилнинг баҳорида эскирган газ таъминоти тизимини янгилашни бошлаган

ТОШКЕНТ, 4 окт — Sputnik. Самарқанднинг эски шаҳар қисми 1 ноябрга қадар табиий газ билан таъминланади, деб хабар бермоқда nuz.uz. Ҳозирда кейинги 8-10 йил давомида газ бўлмаган 28та маҳаллани газ билан таъминлаш бўйича ишлар ниҳоясига етмоқда.

Хабарда айтилишича, шаҳар газ таъминоти корхонаси шу йилнинг баҳорида эскирган газ таъминоти тизимини янгилашни бошлаган. "Самарқандшаҳаргаз" филиали бош муҳандиси Қобил Оламовнинг маълум қилишича, ўтган давр мобайнида узунлиги 3,5 километрли юқори босимли газ қувури ётқизилган, 14 километр узунликдаги газ қувурлари таъмирланган. Иситиш мавсуми бошлангунга қадар яна 2,8 км қувур таъмирланади.

Самарқанд шаҳрини газ билан меъёрида таъминлаш мақсадида ревизия ўтказилди ва 1980 газ тақсимлаш пункти ҳолати яхшиланди. Қ.Оламовнинг сўзларига кўра, шаҳарда жами 2086та газ тақсимлаш пункти бўлиб, қолган пунктларнинг ҳам ҳолатини яхшилаш ишлари олиб борилмоқда.

Янгиликлар лентаси
0