ТОШКЕНТ, 4 окт — Sputnik. Ravon автомобил бренди 1 октябрдан бошлаб футбол бўйича Россия миллий терма жамоасиинг ҳомийсига айланди, деб хабар қилмоқда Sputnik мухбири.
Ўзбекистон автомобил бренди ва Россия терма жамоаси ҳамкорлиги Россия жамоасининг 7 ва 10 октябрда бўлиб ўтадиган Эрон ва Жанубий Корея ўртоқлик ўйинларидан бошланади. Ҳамкорлик доирасида Ravon имидж ва рекламага оид қатор ҳуқуқлардан фойдаланиши мумкин. Улар орасида “Ravon – Россия терма жамоасининг расмий ҳомийси” каби иборалар ҳам бор.
“Биз Россия миллий терма жамоаси билан ҳамкорлик бошланганидан жуд хурсандмиз. Мамлакатнинг асосий жамоаси албатта ўсиб бормоқда, таркибда ёш ва истиқболли футболчилар сони ошиб бормоқда. Бу ривожланиш яққол кўриниб турибди. Россия жамоаси назорат ўйинларида ва Россияда илк бор бўлиб ўтадиган 2018 йилги Жаҳон чемпионатида ҳам ўзларини муваффақиятли кўрсатишларига менинг ишончим комил”, — деди “Равон Моторс Рус” компанияси бош директори Шароф Ашуров.
Шунингдек, Шароф Ашуров миллий футбол жамоаси билан ҳамкорлик қилиш спортга қизиқувчи фаол ёшлар орасида Ravon брендини оммавийлаштиришга олиб келишига ишонч билдирди.