ТОШКЕНТ, 3 ок — Sputnik. Шу йилнинг 27 сентябрида Истанбулдан учиб келганидан сўнг ҳибсга олинган ва 1 октябр куни ҳибсдан озод қилинган ёзувчи Нурулло Отахонов (тахаллуси Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон) ижтимоий тармоқ орқали халққа мурожаат қилди.
"Мен Ватанимга Оллоҳга таваккал қилган ҳолда, кейинги замонларда мамлакатимда юз бераётган ижобий ишлардан руҳланиб, Президент сўзлари ва ҳаракатларига ишониб қайтдим.
Афсус, ота юртимга босган илк қадамларимданоқ мени давлатимдан аразлатиб қўймоқчи бўлишди. Аммо, Оллоҳга шукр, сал нарсага аразлаб қоладиган ёшда эмасман.
Чунки жамиятда ҳақ ва адолатни қарор топтириш, халқимиз кўзи ўнгида давлатимиз шаънини ва обрўйини юксалтириш йўлида янги иқтидор олиб бораётган эзгу ишларга қўлимдан келганича ҳисса қўшиш ниятида қатъий ва собитман", дейди у.
Ёзувчининг эътироф этишича, Оллоҳнинг ҳикмати билан бошига озгина синов тушди ва бу синов баҳона олам Ўзбекистондаги икки буюк ўзгаришни кўрди: биринчиси, халқ чорак асрлик ғафлатдан аста-секин уйғона бошлабди. Иккинчиси, давлат халқнинг додига қулоқ сола бошлабди!
"Бу икки янгилик ҳаммамизга муборак бўлсин", дейди у.
Ёзувчи уни қўллаб-қувватлаган барчага миннатдорлик билдиради.
"Шу беш кун давомида кеча-кундуз тинмасдан мени қўлладингиз, ҳаққимга дуолар қилдингиз, тақдиримга қайғурдингиз. Сизларни заҳматга қўйдим. Мен сизлардан мингдан-минг розиман. Сизлар ҳам мендан рози бўлинглар. Миннатларингиз бутун оиламнинг боши устида. Юксак ишончларингизни оқлаш, хизматларингизни қилиш умрим охиригача бўйнимиздаги бурчдир" дейди Нурулло Отахонов.