ТОШКЕНТ, 3 окт — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тошкентда аҳолига коммунал хизматлар кўрсатиш, кўп қаватли уйлар ва ижтимоий соҳа объектларини қишги истиш мавсумига тайёрлашга бағишланган мажлис ўтказди, деб хабар қилмоқда Sputnik мухбири.
Мажлисда президент белгиланган чоралар керакли жойлар ва объектларда қўлланилиши, маблағлардан ва энергия тежовчи технологиялардан самарали фойдаланиш кераклигини таъкидлади.
“Ушбу соҳада ишлар вилоят ва соҳалар кесимида эмас, ҳар бир маҳалла ҳар бир уй миқёсида ўтказилиши керак”, — деди президент.
Эслатиб ўтамиз, коммунал хизматлар соҳасидаги вазиятни ўрганиш мақсадида республика бўйича турли вазирликлар вакилларидан иборат бўлган иккита махсус гуруҳ ташкил қилинган эди. Биринчи гуруҳ Андижон, Фарғона, Наманган, Жиззах, Сирдарё, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида, иккинчи гуруҳ эса — Қорақалпоғистон, Хоразм, Бухоро, Навоий, Самарқанд, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларидаги вазиятни ўрганган.
“Ўрганиш жараёнида асосий эътибор кўп қаватли турар жой фондига, ижтимоий соҳа объектларига, ичимлик суви, электр токи, иссиқлик, табиий газ ва кўмир билан таъминлаш масалаларига қаратилди”, — дейилган президент матбуот хизмати хабарида.
Ўтказилган мониторингга кўра, юқорида келтирилган объектларда кузги-қишги мавсумга тайёргарлик кўриш жараёни ўтказилган. Уйларнинг томи таъмирланган, подъезд ва подваллар, болалар майдончалари тартибга келтирилган, маиший чиқиндилар олиб чиқилган.
Ундан ташқари таълим муассасалари, болалар боғчалари, касалхоналар ва бошқа ижтимоий объектларда таъмирлаш ишлари ўтказилган. Табиий газ билан таъминланмаган объектларга газ баллонлари ва кўмир билан таъминланган.