ТОШКЕНТ, 2 окт — Sputnik. Ўзбекистон Бош прокуратураси ижтимоий муҳим бўлган маҳсулотлар нархи асосланмаган равишда кўтарилишига қарши курашади, деб хабар қилмоқда Sputnik мухбири.
Ўзбекистон президенти имзолаган фармонга биноан, Бош прокуратуранинг солиқ, валюта ва ноқонуний даромадлар билан шуғулланувчи бўлими бундан буён озиқ-овқат маҳсулотлари нархини ноқонуний равишда ошириш ҳолатлари билан ҳам шуғулланади.
Хусусан, Бош прокуратура ўсимлик мойи, ун, гўшт шакар, кунжара каби ижтимоий муҳим аҳамиятга эга бўлган маҳсулотлар нархи ошиш сабабларини ўрганади.
Ундан ташқари прокуратура ходимлари давлат буюртмалари бўйича маҳсулот сотиб олишда коррупция ҳолатларини ўрганади ва бозордаги нархларни тизимли равишда мониторинг қилиб борилади.
Шунингдек, прокуратура маҳсулот дефецитига ва унинг нархи ошишига йўл қўйган бозор маъмурияти ҳатти-ҳаракатини ҳам ўрганади.
Ушбу ишларни амалга ошириш мақсадида прокуратура ходимлари юридик ва жисмоний шахслардан ўзларига керакли маълумотларни талаб қилиш ва тезкор-қидирув ишлари ўтказиш ҳуқуқига эга бўлишди.